Хива шаҳар ИИБ профилактика инспекторлари ёрдамчиларига скутер ва велосипедлар топширилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
3 июнь куни Хива шаҳар ҳокимлигининг ҳомийлиги асосида ажратилган 3 та скутер ва 18 та велосипед Хива шаҳар ИИБ профилактика инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиларига топширилди.
Ичанқалъа музей қўриқхонаси ва унга ёндош маҳаллаларда хизмат олиб борувчи профилактика инспекторларининг ёрдамчиларига хизматда фойдаланиш учун скетурларнинг ажратилиши уларни моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги илк амалиёт ҳисобланади.
Скутер ва велосипедларни топширишга бағишланган тантанали тадбирда иштирок этган Хива шаҳри ҳокими шаҳар ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, аҳоли ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни янада кучайтириш ва такомиллаштириш мақсадида ҳудудда мавжуд 21 та маҳаллаларда хизмат олиб борувчи профилактика инспекторларининг ёрдамчиларини босқичма-босқич тўлиқ скутерлар билан таъминлаш белгилаб олинганлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, вилоятнинг Қўшкўпир туманида ҳам Ички ишлар органлари профилактика инспекториларнинг жамоат тартибини сақлаш бўйича 50 нафар ёрдамчиларига маҳаллий ҳокимлик ҳомийлиги асосида велосипедлар топширилди.
Изоҳ (0)