Ўзбекистон Миллий университети математика факультетининг 4-курс талабаси Сардор Бозорбоев Халқ таълими вазирлигида янги ташкил этилаётган Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш Департаментида иш бошлади. Бу ҳақда вазирлик хабарида айтилади.
24 май куни Президент Шавкат Мирзиёев ЎзМУда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашди. Мазкур учрашувда С.Бозорбоев ўз тажрибаси, шунингдек, С.Сирожиддинов номидаги академик лицейи ўқувчиларини халқаро олимпиадага тайёргарлик жараёни ҳамда Россияда бўлиб ўтган танловларда муносиб иштироки хусусида тўхталиб ўтган эди.
Президент талабанинг иштиёқи, ташаббускорлиги ва Ватан равнақи йўлидаги фидойилиги учун «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умирзоқовга Сардор Бозорбоев учун автомобиль ажратиш бўйича кўрсатма берди.
Президент Сардор Бозорбоевни Халқ таълими вазирлигига ишга олиш бўйича таклиф берди.
Халқ таълими вазирлигида Сардор Бозорбоев Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш Департаментида ўз фаолиятини бошлади. Сардор Бозорбоев ўз тажрибасидан фойдаланиб, ёшларни турли олимпиадаларга тайёрлайди.
Изоҳ (0)