Профессионал бокснинг супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримов (2 та ғалаба, 2 та нокаут) 8 июнь куни ўзининг учинчи жангини ўтказиши ҳақида хабар берилганди.
GoSport берган маълумотга кўра, мазкур жангда Мадримовга мексикалик Норберто Гонсалес (23 та ғалаба, 13 та нокаут) рақиблик қилади. Тўқнашув Нью-Йоркдаги машҳур Madison Square Garden аренасида бўлиб ўтади.
Маълумот учун, 37 ёшли Норберто Гонсалес шу пайтгача ўтказган 35 та жангининг 4 тасида турли минтақавий йўналишлар чемпионлик камари учун рингга кўтарилган, бироқ уларда имкониятни бой бериб қўйган.
Мазкур бокс оқшомининг марказий жангида қозоғистонлик афсонавий боксчи, 4та йўналиш бўйича собиқ жаҳон чемпиони Геннадий Головкин (38 та ғалаба, 1 та дуранг, 1 та мағлубият, 34 та нокаут) рингга чиқади. Головкин шу куни канадалик Стив Роллсга (19 та ғалаба, 10 та нокаут) қарши рингга чиқади. Жанг DAZN интернет-платформаси орқали трансляция қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Мадримов профессионал боксда сўнгги марта 9 март куни венесуэлалик Франк Рохасга қарши рингга чиқиб, рақибини чуқур нокаутга учратган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)