АҚШнинг The Coca-Cola Company компанияси Ўзбекистон ҳудудида Coca-Cola алкоголсиз ичимлиги учун бир қанча товар белгиларини қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказган. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.
Компания Наманган вилоятида жойлашган «Norin Bottlers» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган Frutto Cola алкоголсиз ичимлигининг этикеткасидаги баъзи белгилар Coca-Cola алкоголсиз ичимлигининг белгилари билан ўхшаш эканлигини маълум қилиб, қўмитадан ушбу ҳолатни ноҳалол рақобат ҳолати сифатида кўриб чиқишни сўраган.
Ишни кўриш жараёнида, «Norin Bottlers» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган Frutto Cola ичимлиги этикеткасидаги баъзи элементларнинг ҳақиқатан ҳам Coca-Cola товар белгисидаги элементлар билан адаштириб юбориш даражасида ўхшаш эканлиги аниқланди.
«Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддасида товарни рақобатчининг товар белгисига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланган ҳолда этикеткаларга, ўровларга жойлаштириб сотиш тақиқланиши белгилаб қўйилган. «Norin Bottlers» МЧЖга нисбатан қўзғатилган ишни кўриб чиқиш натижасида кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топди ва жамиятга Coca-Cola товар белгисидаги элементлар билан адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган белгилардан фойдаланиш ҳолатини бартараф этиш бўйича кўрсатма берилди.
Бугунги кунда «Norin Bottlers» МЧЖ томонидан монополияга қарши органнинг кўрсатмаси бажарилди, шунингдек, Frutto Cola ичимлиги учун янги этикетка дизайни ишлаб чиқилди.
Изоҳ (0)