Қозоғистон пойтахтидаги масжидларда ҳар йили Рамазон ойида ифторлик дастурхонлари ёзилади. Бунга кетадиган барча харажатлар аксар ўз номини билдиришни истамаган ҳомийлар томонидан қопланади, дея хабар беради Sputnik.
Жумладан, «Нур-Остона» масжидида бу йил 400 кишини сиғдирадиган улкан чодир ўрнатилди. Ифторлик учун таомлар тайёрлашни ресторанлардан бири ўз зиммасига олган.
«Бир кишига тахминан 2500 тенге сарф бўлади. Ҳар куни 400 кишига ифторлик қилиб берилса, кунига миллионга тўғри келади. Бу маблағни бир ёки бир неча ҳомий қолдириши мумкин, — дейди масжид имом ноиби Бекзод Акжигитов. — Ҳомийлар ифторликка келиши ва ўзи билан яна 30 кишини олиб келиши мумкин. Қолган 370 та талон масжид қавми орасида тарқатилади. Аммо кўпинча ҳомийлар фақат дуо қилиб қўйишларини сўрашади, холос».
Ноибга кўра, бу йил масжидга турли ҳомийлардан жами 10 миллион тенге (26 минг доллар атрофида) йиғилган. Ифторлик ўтказмоқчи бўлганлар кўп, бироқ 30 куннинг барчаси учун пул тўлаб бўлинган ва масжид ортиқча маблағни қабул қилмайди.
Изоҳ (0)