Сурхондарё вилояти пиллакорлари бугунги кунгача 1500 тоннадан зиёд «кумуш тола» тайёрлаб, шартнома мажбуриятини мамлакатда биринчи бўлиб бажарди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасидан маълум қилишларича, бу йил воҳада серҳосил, иқлим шароитига мос, касалликларга чидамли маҳаллий навлардан 27300 қути ипак қурти парваришланди. Ўртача ҳосилдорлик 60—61 килограммни ташкил этиб, ялпи ҳосилнинг асосий қисми юқори навларга қабул қилинди.
«Кумуш тола»нинг юксак хирмонига, айниқса, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Музработ, Шеробод, Денов, Узун ва Бойсун туманлари пиллакорлари муносиб ҳисса қўшди.
«Ипак қурти боқиш ҳадисини пухта ўзлаштирган воҳа пиллакорларининг бу муваффақиятига давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тармоқда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, фермерларни моддий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, харид нархлари оширилиб, маблағлар мавсум бошиданоқ бўнак сифатида берилгани, шунингдек, уй шароитида пилла етиштириш билан шуғулланадиган фуқаролар даромад солиғидан озод қилиниб, бир пилла мавсуми пиллачиларга пенсия тайинлашда йиллик иш стажи сифатида ҳисобланаётгани муҳим омил бўлди.
Машаққатли ва шарафли меҳнат эвазига қўлга киритилган бу ғалаба билан барча пиллакорларимизни қизғин табриклаб, ҳалол меҳнатингизнинг роҳатини кўринг, деймиз!», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)