Қирғизистон бош вазирининг собиқ ўринбосари Шамил Атаханов 21 май куни ушланди ва Бишкек шаҳар ИИББ тергов изоляторига жойлаштирилди. ЎзАнинг хабар беришича, у жиноят оламидаги нуфузли авторитет Азиз Батукаевнинг қонунга зид равишда озод қилиниши бўйича очилган жиноий иш доирасида сўроқ қилинмоқда.
Маълум бўлишича, 2013 йилда Норин шаҳар суди шифокорларининг хулосасига таянган ҳолда Азиз Батукаевни муддатдан аввал озод қилиш борасида қарор қабул қилган. Озодликка чиққан куниёқ у Бишкекдан Россияга учиб кетган.
Қирғизистон бош прокурори Ўткурбек Жамшитов 17 апрель куни парламентда қилган чиқишида Батукаевнинг қонунга зид равишда озод қилиниши муносабати билан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилган.
Шундан кейин онколог Эмил Макимбетов қўлга олинган. У «жиноий авторитет давосиз касалликдан азият чекаётгани тўғрисида ёлғон маълумотнома берганликда» гумон қилинмоқда. Кейинроқ яна уч нафар шифокор ва собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева ҳамда Жазони ижро этиш муассасаси раисининг собиқ маслаҳатчиси Қалибек Қачқиналиев қўлга олинган.
Изоҳ (0)