«Ўзбекистон темир йўллари» локомотивлар паркини жами 226,1 миллион доллар эвазига янгилаш борасидаги лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ҳукумат қарори лойиҳасига таяниб, «Podrobno.uz» хабар берди.
Лойиҳани молиялаштиришга Осиё тараққиёт банкидан 170 миллион доллар заём маблағлари жалб қилинади. Ҳозирча аниқ сони айтилмаётган локомотивларни 2021 йилнинг охирига қадар харид қилиш режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон томонидан 56 миллион доллар тикилади.
Шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» йўловчи ташишга мўлжалланган иккита Talgo-250 электропоездини ҳамда тўртта эконом-класс вагонларини сотиб олиш бўйича Испаниянинг Patentes Talko S.L.U компанияси билан шартнома имзоланган. Харид испан компанияларининг корпоратив халқаролаштириш бўйича жамғармаси кредити ҳисобига таъминланади.
Таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда мамлакатда 17 та шаҳарлараро темирйўл рейслари мавжуд. Ўтган йил давомида 4,7 миллион йўловчи ўз манзилига етказилган. Уларнинг 740 минг нафари «Афросиёб» тезюрар электропоездлари хизматидан фойдаланган.
Изоҳ (0)