Ижтимоий тармоқларда Намангандаги Мингбулоқ конидан илк нефть олиниши байрам қилинаётгани акс этган видео тарқалди.
Унда энергетика вазири Алишер Султонов бир гуруҳ мутахассислар билан бирга юзларига нефть суртиб, хурсандчилик қилаётгани тасвирланган. Хусусан, лавҳада вазир Султонов «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Баҳодир Сиддиқов ва Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг юзига нефть суртаётгани, бунга жавобан ҳоким вазирнинг юзига нефть чаплаганини кўриш мумкин.
Repost’нинг қайд этишича, юзга нефть суртиш дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги нефть саноати ходимлари орасида тарқалган анъаналардан биридир. Бу анъана нефтчилик фаолияти билан шуғулланиш бошлаганда ва янги нефть конлари топилганда ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, 6 май куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Намангандаги Мингбулоқ конидан биринчи нефть қазиб олинганини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)