Жорий йилнинг 22—26 апрель кунлари «E-ijro auksion» электрон онлайн-аукцион савдоларда бошланғич баҳоси 1 сўмга тенг қийматдаги 25 та бўш турган давлат мулки объекти сотилди. Бу ҳақда Spot хабар берди.
Масалан, Андижон шаҳри, Аҳмадбекҳожи кўчаси 78-уйдаги бинонинг 474,44 квадрат метрга тенг бўлган қурилиш ости майдони 291 миллион сўмга сотилди. Аукцион ғолиби 1,5 йил ичида 200 миллион сўм инвестиция киритиш ҳамда 15 та иш ўрни яратиш мажбуриятини қабул қилди.
Хоразм вилояти, Боғот тумани, Бешариқ қишлоғи «Нурли маскан» маҳалласида жойлашган, умумий ер майдони 0,076 гектарга тенг бўлган ва 45 миллион сўмга сотилган бино бўйича аукцион ғолиби 6 ой ичида 800 миллион сўм инвестиция киритиш ҳамда 12 та иш ўрни яратиш мажбуриятини олди.
Ҳозиргача 598 та бўш турган давлат мулки объекти бошланғич баҳоси 1 сўмга тенг қийматда 374 миллард 544 миллион сўмлик инвестиция киритиш ҳамда 6840 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш шарти билан аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 456 та бўш турган давлат мулки объекти 282 миллард 741 миллион сўм инвестиция киритиш ва 5001 та янги иш жойи очиш шарти билан 15 миллард 930 миллион сўмга сотилган.
Эндиликда 142 та бўш турган давлат мулки объекти «E-ijro auksion» ягона электрон савдо майдончасида савдода турибди. Уларга 91 миллард 803 миллион сўмлик инвестиция жалб қилиш, 1846 та янги иш ўрни барпо этиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)