Шавкат Мирзиёев Япония императори Акихитога мактуб йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Давлат раҳбари ўз мактубида император Акихитонинг «Хэйсей» деб ном олган ҳукмронлик даври бутун дунёда улкан муваффақиятлар — Япония мустаҳкам тинчлик ва ҳар томонлама тараққиётга эришган, иқтисодий жиҳатдан етакчи давлатлар қаторига кирган, глобал жараёнлардаги нуфузи ва роли салмоқли даражада юксалган давр бўлганини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Япония императорига Ўзбекистон билан Япония ўртасида дўстлик, ҳурмат ва ишонч асосида ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратган шахсий эътибори ва кўмаги учун самимий миннатдорлик билдирди.
Маълумот учун, Япониянинг 125-императори бўлган 85 ёшли Акихито бугун, 30 апрель куни расман тахтдан воз кечди.
Изоҳ (0)