«Дарё» колумнисти Евгений Скляревский давлат идораларининг очиқ маълумотлар портали фаолияти юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтади.
Ўзбекистонда 2015 йилдан буён очиқ маълумотлар портали — «Data.gov.uz» фаолият кўрсатмоқда. Ғоя албатта ажойиб — барча давлат органлари ўзларидаги маълумотларни очиқ-ошкор фойдаланиш учун жойлаштиришлари даркор. Шу жумладан, мазкур маълумотлардан дастурчилар турли ишланмаларда фойдалана олишлари учун ва улар машина ўқий оладиган кўринишида бўлиши лозим.
Аммо лекин, юмшоқ қилиб айтганда, ушбу портал тўлиқ ишлагани йўқ. 5 фоиздан камроқ ахборотгина мунтазам янгиланмоқда. Кўплаб давлат органлари эса порталга фуқароларни қабул қилиш жадвалини ҳам жойлаштиришган бўлиб, нима учундир портал улардан айнан шу нарсани кутяпти деб ўйлашган. Масалан, Тошкент ҳокимияти 2018 йилда иккита маълумотлар базасини жойлаштирди: Тошкент шаҳар назорат органлари реестри ҳамда раҳбариятнинг алоқа манзиллари билан, қабул соатлари; 2017 йилда эса Тошкент шаҳар туманлари ҳокимлари ҳақида маълумот жойлаган холос. 2016 йилда бундан кўпроқ маълумот жойланган эди, бироқ ўтган уч йил давомида бу маълумотлар, тайинки, эскирди.
Буларни келтиришдан мақсад ҳокимиятни танқид қилиш эмас (ва нафақат); бошқа соҳаларда ва маъмурий-ҳудудий давлат органлари кесимида қараганда ҳам вазият бундан яхшироқ деб бўлмайди. Очиқ маълумотларга нисбатан бундай юзаки муносабатнинг сабаблари қуйидагилардир: ҳеч бир давлат органи ошкоралик ва шаффофликдан манфаатдор эмас; иккинчидан, давлат органлари ходимлари орасида очиқ маълумотларни жойлаб бориш тажрибаси ҳам, демакки, бунга лойиқ малака ва рағбат ҳам шаклланмаган (ваҳоланки, тўрт йил мобайнида бундай тажрибани тўплаб олиш мумкин эди). Учинчидан, ўша очиқ маълумотларнинг сифати ва ишончлилик даражаси жиҳатдан сифати жуда паст ва, тўртинчидан, жамиятда ушбу очиқ маълумотларга талабнинг ўзи йўқ — биз уларни нима қилишни билмаймиз.
Тез орада вазият ўзгариши лозим — Ўзбекистон Президентининг «Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, эндиликда давлат органларининг очиқ маълумотларни тақдим этиш бўйича фаолиятини Давлат статистика қўмитаси мувофиқлаштириб боради ва порталнинг фаолияти учун эса Президент ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) масъул бўлади. Очиқ маълумотларни тақдим қилиш даражаси электрон ҳукумат рейтингини тайёрлашда инобатга олинади. Тушунганингиздек, сўнгги вақтларда бундай рейтингларга катта эътибор қаратилмоқда. Яқиндагина Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўринларини мониторинг қилиш ва баҳолаш Миллий тизими ташкил қилингани ҳам бунинг далилидир.
Юқоридаги ёзганларимнинг бари очиқ маълумотларнинг яхши тарафларини эътироф этиш ва уларнинг бизга нимага кераклигини тушунтиришга қаратилган муқаддима эди.
Биринчидан, улар турли дастурий иловалар ишлаб чиқарувчиларга зарур. Хорижда муваффақиятли амалга оширилган лойиҳалар ҳақида мисоллар келтирамиз.
- Ҳаво ифлослиги ҳақидаги маълумотлар базаси у ёки бу ҳудуддан квартира сотиб олиш масаласида ёрдам берувчи дастур тузишга имкон беради. Ёки бирор боғга айлангани бориш ёхуд муайян ҳудудда газланиш мавжудлиги ҳақида маълумот берувчи дастур учун керак бўлади;
- Шаҳар ҳудудларидаги жиноятчилик даражаси бўйича маълумотлар базаси ушбу жойдаги квартиралар нарх-навосига ҳамда мазкур ҳудудда кечаси айлангани чиқиш хоҳишига таъсир кўрсатади — буни махсус дастур ёрдамида текшириб кўриш мумкин бўлади;
- Ҳудудлар бўйича уй-жой нарх-навоси ҳақидаги маълумотлар риэлторларга ва уй-жойни сотиш ёки сотиб олиш истагидаги барчага қўл келади;
- Турли айрибошлаш шохобчаларидаги валюталар курси ҳақидаги дастур энг фойдали танлов учун асқатади;
- Ҳозирда автобуслар ҳаракатини кўрсатувчи дастур аллақачон бор, лекин ушбу маълумотлар очиқ базада бўлса, янада қулайроқ ва бошқа сервислар билан боғланган ҳолда ишлайдиган янги дастурларни ишлаб чиқиш мумкин бўлади;
- Тармоқда Ҳиндистоннинг Керала штатидан келтирилган мисол мавжуд: балиқчилар мобил дастур воситасида қайси бозорда балиқ нархи энг юқори эканини кузатади ва тутилган ўлжани пуллаш учун айнан ўша ёққа олиб боради;
- Йўл ҳаракати ҳодисаларининг статистикасини тақдим этувчи дастурларга эҳтиёж мавжуд ва у шаҳарликлар орасида оммалашган;
- Инфраструктура тармоқлари ҳам кўрсатиб ўтилган ер кадастри маълумотлари қурилиш компаниялари ва ер майдони сотиб олиш истагида бўлганлар учун кенг имкониятлар беради;
- Бразилияда бюджет маблағлари юзасида сарф-харажатларга оид ошкора маълумотлар коррупцияга қарши курашда ёрдам бермоқда;
- Ҳавода аллерген ўсимликлар чанги мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар аллергия жабрдийдалари учун асқатадиган харитани тузишга имкон беради.
Иккинчидан, очиқ маълумотлар портали — журналистлар учун идеал кўмакчи! Маълумотлар машина ўқийдиган ҳолатда келтирилади деган гаплар оддий одамларни чўчитади. Ҳа, бу қўрқинчли, лекин унчалик эмас. ЖСОН ва ХМЛ форматлари бизга керак эмас, лекин CСВ биз учун қизиқ. Агар сиз ўзингизга керакли маълумотлар тўпламини очиб, CСВ тугмасини боссангиз, ушбу маълумотлар сизнинг компьютерингизда, Excel дастурида очилади.
Кейин эса «Вставка» менюсига кирасиз ва маълумотларнинг кўрсатилиш турини танлайсиз. Гистограмма, доиравий диаграмма, чизиқли ёки нуқтали график ва ҳоказолар. Шунда сиз исталган мақолага зеб бериб, унинг салоҳиятини оширадиган тайёр диаграммага эга бўласиз. Эҳтимол, кодировка ҳамда катаклар формати билан бироз овора бўлишга тўғри келиши мумкин. Лекин олинадиган ажойиб натижа билан таққослаганда, бу оворагарчиликлар майда-чуйда бўлиб қолади.
Умид қиламизки, очиқ маълумотлар портали тўлиқ ишлай бошлайди ва биз, давлат органлари томонидан тақдим этилган кўплаб маълумотларни ва улар асосида ишлайдиган турли дастурий иловаларни ҳамда ажойиб диаграммалар билан далилланган журналистик мақолаларни тез орада кўрамиз. Шунингдек, электрон ҳукуматнинг тайёрлик даражасини белгиловчи халқаро рейтинглардаги Ўзбекистоннинг позициясини кўтарилишини ҳам.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)