Тошкентнинг Шайхонтоҳур туман солиқ инспекцияси фаолиятида коррупция ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси маълум қилди.
Мазкур ДСИ ходимлари устидан мунтазам равишда тамагирлик ва коррупциядан далолат берувчи шикоятлар келиб турган. Улар узоқ йиллар давомида давлат ёки бюджет манфаатлари учун эмас, балки ғаразли мақсадлари йўлида фаолият олиб бориб, тадбиркорлар чорасизликдан илинган «коррупция тўри»ни ташкил этган.
15 йил давомида Шайхонтоҳур туман ДСИда бирор марта ҳам ротация, яъни алмашинув амалга оширилмаган. Бу эса инспекция ходимлари тил бириктирган ҳолда коррупцион фаолият олиб боришига имконият яратган.
Натижада бюджетни тўлдириши ва давлатнинг ижтимоий пойдеворини мустаҳкамлаши мумкин бўлган маблағлар уларнинг шахсий чўнтакларига тушган.
Шу боис Шайхонтоҳур ДСИ ходимларининг келгуси коррупцион ҳаракатларига чек қўйишга қаратилган аниқ чораларни амалга ошириш зарурати туғилди. Давлат солиқ қўмитаси раисининг уч ўринбосари бошчилигида ташкил этилган махсус комиссия ҳудудга юборилди ва ҳозиргача инспекция ходимларининг ноқонуний ҳаракатларини аниқлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда.
Мавжуд маълумотлар, шунингдек, ўрганишлар натижасидан келиб чиқиб, коррупцион ҳаракатларга жалб этилган ходимлар босқичма-босқич ишдан бўшатилди. Қолган ходимлар махсус комиссия аттестациясидан ўтказилади ва лавозимига мувофиқлиги, мансаб мажбуриятларига масъулият билан ёндашиши кўриб чиқилади.
Изоҳ (0)