Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўташга киришган бир гуруҳ оддий аскарлар Регистон майдонида она Ватанга содиқ хизмат қилишга тантанали равишда ҳарбий қасамёд қабул қилди. Бу ҳақда «Zarnews.uz» хабар бермоқда.
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда сўзга чиққан Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник А. Саидов ва бошқалар миллий армия ҳар томонлама бугунги талабларига мос шаклланганлиги, ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар, ҳарбийларнинг жанговар тайёргарлиги ва салоҳияти сарҳадлар дахлсизлигини таъминлашга қодир эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Ҳарбий қасамёд қабул қилиб, Ватан ҳимоячиси деган улуғ номга сазовор бўлган аксарлар ўзларига билдирилаётган юксак ишонч ва эътибордан мамнун эканликларини билдирди.
— Ҳарбий хизмат ҳар бир йигит кишини бурчи, — дейди оддий аскар Низом Мамажонов. — Мана шундай бурчни ўташ учун аждодларимизнинг бебаҳо мероси муаззам Регистон майдонида ҳарбий қасамёд қабул қилганлигимиз бизга янада масъулият, шижоат ва ғурур бағишлайди. Мен ва сафдошларим ўз онтимизга содиқ қолиб, юртимиз сарҳадларини ҳар қандай ёвдан муносиб ҳимоя қилиб, она Ватанимиз олдидаги йигитлик бурчимизни мардонавор адо этамиз.
Регистон майдонида ҳарбий қасамёд қабул қилган аскарларга Президент совғаси — «Темур тузуклари», «Ўзбекистон тарихи» китоблари топширилди.
Изоҳ (0)