Тошкент шаҳар ҳокимлигида йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини ошириш масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Тошкент шаҳар ИИББ, ЙҲХБ ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаев Тошкентда янги кўприклар, йўл ўтказгичлар ва йўллар қурилаётгани, носоз кўчаларни таъмирлаш ишлари олиб борилаётганига қарамай, йўлларда жиддий авария ҳолатлари кузатилаётганини қайд этди. Бунинг сабабларига тўхталар экан, ҳаракат қисмидаги йўл белгилари ва чизиқларининг бугунги кун талаблари даражасида эмаслиги, хусусан, пойтахтнинг айрим кўчаларида қўшимча йўл белгиларига эҳтиёж борлиги, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи чизиқлар фақат бир қатор кўчалардагина тиниқ ва ёрқин кўриниши, аксарият йўллар ва кўчалардаги ҳолат эса талабга жавоб бермаслигини айтиб ўтди.
Йиғилишда бу ишларга масъул мутасадди ва раҳбар ходимлар жиддий огоҳлантирилди. Маълум қилинишича, бугундан эътиборан тегишли ишчи гуруҳ шаҳардаги барча кўчаларнинг ҳолати, уларда йўл белгилари ва чизиқлари қанчалик етарли ва талаб даражасида эканлигини ўрганади. Шундан келиб чиқиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилади. Аниқроғи, шаҳар ҳокими берган топшириққа биноан, бир ой муддатда йўл чизиқлари, икки ой муддатда эса йўл белгилари тартибга келтирилади.
Изоҳ (0)