«Туркистон» санъат саройида «Олтин ҳумо» миллий кинотақдимоти бўлиб ўтди. Журналист Феруз Муҳаммад тантанали маросимдан репортаж тайёрлади.
«Олтин ҳумо» миллий кинотақдимотида «Энг яхши ҳужжатли фильм» номинацияси ғолиби «Икки элнинг суюкли фарзанди» фильми деб топилди.
«Энг яхши анимацион фильм» номинациясига «Довюрак ошпаз» фильми муносиб кўрилди.
«Энг яхши графика иши» «Элпарвар» фильмидаги иши учун Лазиз Ғаниевга насиб этган бўлса, Анвар Файзуллаев «Тинчлик ортида» фильмидаги иши учун «Энг яхши овоз режиссёри» номинацияси ғолиби бўлди.
«Энг яхши грим рассоми» номинацияси ғолиби Валентина Абдураззоқова бўлди. У «Исломхўжа» тарихий, бадиий-публицистик фильмидаги иши учун тақдирланди.
Монтаж устаси Қудратилла Дадажоновнинг «Иссиқ нон» фильмидаги иши учун «Энг яхши монтаж иши» номинацияси ғолиби бўлди.
Нина Добрина «Энг яхши либослар бўйича рассом» номинацияси ғолиби деб топилган бўлса, Акмал Саидов «Исломхўжа» тарихий, бадиий-публицистик фильмидаги иши учун «Энг яхши рассом иши» номинацияси ғолиби бўлди.
Режиссёр Рашид Маликов «Сабот» фильмидаги иши учун «Энг яхши режиссёрлик иши» номинацияси ғолиби бўлди.
Актриса Муяссар Бердиқулова «Назира» фильмидаги роли учун «Энг яхши аёл роли» номига муносиб кўрилди.
Карим Мирходиев «Сабот» фильмидаги роли учун «Энг яхши эркак роли» номинацияси ғолиби бўлди.
Режиссёр Саид Мухторовнинг «Васият» фильми «Томошабин меҳрини қозонган фильм» номинациясига муносиб кўрилди.
«Омнибус» ансамбли «Назира» ва «Элпарвар» фильми учун «Энг яхши кино бастакори» номинацияси ғолиби бўлди.
Режиссёр Умид Ҳамдамовнинг «Иссиқ нон» фильми «Энг яхши сценарий» ва «Энг яхши фильм» номинацияларининг ғолиби деб топилди.
«Олтин ҳумо» миллий кинотақдимоти 2017—2018 йилларда суратга олинган фильмлар асосида бўлиб ўтди.
Маълумот учун «Олтин ҳумо» миллий кинотақдимоти, «Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси», «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳамда «Миллий» телеканали ҳамкорлигида ташкиллаштирилди.
Изоҳ (0)