2019 йилнинг ўтган даври мобайнида Фарғона вилоятида 135 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, оқибатда 42 киши бевақт ҳаётдан кўз юмган. 115 киши турли даражада тан жароҳати олган. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотига таяниб, «Дарё» мухбири маълум қилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда йўловчи ташувчи транспорт воситалари иштирокида 9 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Натижада 10 нафар фуқаро жароҳатланган.
Шунинг учун йўловчи ташиш хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш мақсадида вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан 2019 йилнинг ўтган даврида 19 та гуруҳ тузилиб, 85 маротаба рейд ўтказилди. Рейдлар давомида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситалари 43133 марта текширилиб, 3932 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди. Аниқланган камчилик ва қоидабузарликлар бўйича 106 та ташкилот раҳбарига тақдимнома киритилиб, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 1792 та транспорт воситасидан фойдаланиш вақтинча тақиқланди. 3584 нафар ҳайдовчига ва 2 нафар раҳбар ходимга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.
Профилактик тадбирлар давомида йўловчи ташиш тизимига жорий этилаётган талаблар ва мазкур соҳада яратилаётган шароитлар тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)