4 апрель, пайшанба куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Тадбирда сўзга чиққан НДЛУ ректори Борис Жигалев ўзбекистонлик меҳмонларни қутлаб, давлатлар ўртасидаги дўстона алоқалар мустаҳкамланиб бораётганлигини, уларни янада юқори босқичга олиб чиқишда ТошДЎТАУ делегациясининг роли катта бўлганлигини, ушбу тадбир бу борада ўзига хос кўприк бўлишини алоҳида таъкидлади.
У ўз нутқида бу ташрифнинг катта ва муҳим аҳамияти ҳақида гапириб, ўзбекистонликларга меҳмондўстлик ва самимийлик учун миннатдорчилик билдирди.
Тадбир мобайнида ўзбек миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси ва миллий таомларга бой байрамона ўзбек дастурхони ҳам меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди.
Аввалроқ университет ташаббуси билан Россиянинг Нижний Новгород давлат лингвистика университетига академ мобиллик дастури бўйича 10 нафар талаба ҳамда 3 нафар профессор-ўқитувчи юборилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)