Ромитан туман маъмурий суди биносида жорий йилнинг 4 март куни очиқ суд мажлиси ўтказилган. Судья Турсунбай Тангриев раислигида ўтган суд ҳукми қарорига кўра, ромитанлик фуқаро Н.Ч. Ўзбекистон Республикаси МЖтК 183-моддаси (Майда безорилик) ҳамда 194-моддасининг (Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми, 198-моддасининг (Ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган, деб топилган. Унга нисбатан уч сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
Маълум бўлишича, 2019 йилнинг 4 март куни фуқаро Н.Ч. туман ҳокимлиги биносида Бухоро вилояти ҳокими раҳбарлигида ўтказилиши режалаштирилган йиғилиш бошланиши жараёнида туман ҳокими Баҳриддин Ҳалимовни ножўя сўзлар билан ҳақоратлаган. Уни тинчлантиришга ва содир этаётган ҳуқуқбузарлигини тўхтатишга ҳаракат қилаётган ИИБ ходимлари, шунингдек, шу фурсатда кириб келган вилоят ҳокими Ўктам Барноевнинг «кутиб туриш» ҳақидаги таклифини ҳам қасддан менсимасдан, шовқин кўтарган. Йиғилишга келган юз нафардан зиёд фуқароларнинг кўзи ўнгида ўзини ерга ташлаб, юмалаб, бақирган. «Сенлар эгаллаб турган лавозимларингга нолойиқ, ифлос, аҳмоқ одамсизлар» дея ҳақоратлаган.
Н.Ч.нинг содир қилган бу ҳуқуқбузарлик хатти-ҳаракати учун унга нисбатан қонунда назарда тутилган маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
«Мен ҳокимни бундай сўзлар билан ҳақоратламаганман»
Фуқаро Н.Ч. уч сутка қамоқ жазосини ўтаб чиққандан сўнг «Дарё» мухбирига ўз бўйнига қўйилган ушбу айблов туҳмат эканлигини билдирди.— Суд менга нисбатан адолатсиз қарор қилди. Мен ҳокимни бундай сўзлар билан ҳақоратламаганман. Агар шундай ҳақорат қилган бўлсам, исботлашсин. Лозим бўлса, камералар орқали айнан ўша жараённи кўрсатишсин. Туҳмат қилишди. Менга нисбатан куч ишлатиб, уриб, сўкиб, ҳақоратлашди. Билакларим қонаб, жароҳат етказилди, лекин ҳеч ким эътибор бермади. Наридан-бери суд қилиб, қамаб қўйишди, — деди Н.Ч.
Уч кун маъмурий қамоқ жазосини ўтаган фуқаронинг «Дарё» мухбирига иддао қилишича, туман ҳокими уни қийнаб келаётган ташвишларни бирор марта эшитмаган, муаммоларини тингламаган.
«У ўз ўзига жароҳат етказди»
— Биз ҳар бир фуқарони тинглаш ва оғирини енгил қилиш, унга кўмак бериш учун доим ҳаракат қиламиз. Н.Ч. ҳам жуда кўплаб шикоят ва арзлар билан мурожаат қилган. Баҳолиқудрат бартараф этиб, кўмаклашиб келиняпти. Бироқ шу кунги хатти-ҳаракатлари ҳаддан ошиб кетди. Кўз ўнгимизда ўз қўлларининг билакларига ўзи жароҳат етказиб, томоша кўрсатди. Туман ҳокими ҳамда ИИБ ходимларига нисбатан қилган ҳақоратларини тўпланганларнинг ҳаммаси эшитди, гувоҳ бўлди. Уларга нисбатан айтган ҳақоратли сўзларини исбот қилинишига уриниши бўйича шуни айтишим мумкинки, Н.Ч. айни кунларда туман ҳокимлиги биносида таъмирлаш-созлаш ишлари кетаётгани ҳамда камералар ишламаётганини жуда яхши биларди, — деди туман хотин-қизлар қўмитаси етакчи мутахассиси Маҳтоб Жумаева.Халқ қабулхонасига 2 йил ичида 230 дан ортиқ маротаба мурожаат қилган
Маҳаллий давлат ҳокимияти раҳбарлари фуқаролар мурожаатларини шахсан ўз назоратига олиши, уларнинг муаммоларини ҳал қилишда самарали тизимни йўлга қўйиши вақти аллақачон етиб келган. Кимдир умид билан ҳокимнинг олдига борса-ю, қабулига кира олмаса, ҳафталаб-ойлаб ҳокимият эшигида сарғайса. Шундай вазиятдан кейин унинг қалбида ўз-ўзидан жамиятдан норозилик газак ола бошлайди.Фуқаро Н.Ч. ҳам бир неча йилдан буён дам маиший, дам шахсий муаммо-ташвишлари, шунингдек, турли идора-ташкилот раҳбарлари устидан норозилик шикоятлари билан Ромитан туман Халқ қабулхонасига 230 дан ортиқ маротаба мурожаат қилган. Иқтисодий ва маиший мурожаатлари қаноатлантирилган. Идора-ташкилот раҳбарлари устидан ёзган арзлари тегишлилигига кўра, юқори турувчи органларга мурожаат қилиши мумкинлиги билдирилган.
— Фуқаро Н.Ч.ни ҳар гал, ҳар сафар қабул қилганман. Қонун доирасида қўллаб-қувватланган, ижтимоий кўмак кўрсатилган. Уй-жой билан таъминлаш масаласига тўхталадиган бўлсам, туман марказида «Зиё санъат» МЧЖ томонидан тикланган ётоқхона-уйдан доимий равишда бепул фойдаланиш имконияти берилган. Шарт-шароитлари яратилган. Ўзи истаганча, узоқ йиллар давомида, лозим бўлса, умрбод яшаб, фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланган. Фақат кўчмас мулкни сотиш имконига эга эмас, холос, — деди туман ҳокими Баҳриддин Ҳалимов.
Ромитанлик фуқаро Н.Ч. 2017 йил июль ойида туман Хотин-қизлар қўмитасига биринчи маротаба уй-жойида ёнғин содир бўлиб, уйсиз қолгани сабаб уни уй-жой билан таъминлашларни сўраб, мурожаат қилган. Ушбу мурожаат тегишли идора вакиллари томонидан бориб ўрганилган ҳамда туман ҳокими бошчилигида «Зиё санъат» МЧЖ томонидан қуриб битказилган кўп қаватли хонадонларнинг 1-қаватидаги уйга ҳеч қандай ижара тўловисиз жойлаштирилган. Ҳозирги кунда қадар ушбу уйда бир нафар ўғли билан яшаб келмоқда. Бундан ташқари, вилоят Қизил ярим ой жамияти томонидан барча хўжалик жиҳозлари билан таъминланган. Хонадонига янги газ плитаси ўрнатилган. Уч ой мобайнида тумандаги барча ташкилотлар кўмагида озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб турилган. 17 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишига кўмаклашилган.
— Ушбу қилган хайрли ишлари учун мендан Президентдан миннатдорлик хатини ёздириб олишди, — деди Н.Ч., — Ҳақиқатан ҳам, мен ўшанда чин дилдан хурсандлигимни ёзиб бердим.
«Ер майдонларим сувсиз қолди...»
— Мен тадбиркор аёлман. «Замин Файз савдо» деҳқон хўжалигини юритганман. Туман ҳокимининг эътиборсизлиги, тадбиркорларга йўл очиш, ёрдам бериш ўрнида овораю-сарсон қилгани етмагандек, деҳқон хўжалигим ер майдонларига сув ўтмади. Аҳоли томорқа ерларини суғориш учун «Хайрабод» каналидан фуқаро Ихтиёр Нековнинг уйи олдидан оқиб ўтувчи лоток ариғи қурилмалар билан тўсиб қўйилган. Деҳқон хўжалигимга тегишли ер майдонларим сувсизликда қолиб кетди. Ҳосил ололмадим, — деди Н.Ч.Туман ҳокими хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзилган шу ҳақдаги мурожаат Бухоро вилоят прокуратураси томонидан ўрганилган. «Замин Файз савдо» деҳқон хўжалиги ер майдонларини суғориш учун фуқаро Ихтиёр Нековга тегишли бўлган қурилмалар сув йўлига ҳеч қандай тўсиқ бўлмагани, ер майдонлар шунчаки ўз ҳолига ташлаб қўйилгани аниқланган.
Кредитлар мақсадсиз сарфланганми?!
Ўтган йил бошида Н.Ч.нинг фермер хўжалик ерларининг ҳосилдорлигини кўтариш, унинг айланма маблағларини тўлдириш учун Ромитан туман Халқ қабулхонасига ёзган мурожаати қаноатлантирилган.«Агробанк» АТБ Ромитан филиали томонидан йиллик 22 фоизли устама тўлаш шарти билан 44 миллион сўм миқдорида 18 ой муддатга 3 ойлик имтиёзли давр билан тижорат кредити берилган.
Билдирилишича, фуқаро Н.Ч. кредит маблағларини мақсадсиз ишлатган. Ушбу юзасидан мониторинг ўтказилишига турли важлар билан қаршилик қилган. Шундан сўнг банк ходимлари томонидан «Замин Файз савдо» деҳқон хўжалигидан Пешку туман шароб савдо МЧЖга жами 20 миллион сўм маблағ спиртли ичимликлар олиш учун кўчирилгани аниқланган.
— Кредитни ундириб олиш биз учун жуда қийин кечди. Ромитан туманлараро суди орқали «Замин Файз савдо» деҳқон хўжалиги кредитининг таъминоти сифатида гаровга қўйилган, фуқаро Н.Ч.га тегишли бўлган Damas русумли автомашинани хатлаб, ажрим чиқаришимизга тўғри келди, — деди банкнинг муаммоли кредитлар бўйича бўлим мутахассиси Ҳусен Нарзиев.
— Мен олган кредитлар мақсадсиз сарфланмаган. Тадбиркор аёлман. Лекин мени ҳеч ким эшитмайди. «Агробанк» АТБ Бухоро вилоят бошқармаси Ромитан филиали томонидан йиллик 22 фоизли устама тўлаш шарти билан 44 миллион сўмлик кредит ёпилди. Аммо ушбу масалада ўзимга тегишли бўлган Gentra русумли автомашинамни олиб қўйишди. Югур-югурлардан чарчадим. Соғлиғимни йўқотдим. Даволанишим учун ҳам сарфлашимга тўғри келди. Бу бўйича судга мурожаат қилганман. Чорва моллари олишим учун «Микрокредитбанк» АТБ Ромитан филиали томонидан 17 миллион сўм миқдорида кредит ажратилгани тўғрисида тўхталадиган бўлсам, иккита наслли чорва моли учун мен эмас, ўзлари билган чорва моллари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалигига шунча миқдордаги пулни кўчиришди. Аммо уларни боқишим ёки зарур шарт-шароитни ҳозирлашим учун 30 фоиз миқдоридаги пулни ажратишмади. Ортиқча миқдордаги маблағ менда йўқлиги боис, ҳар бири 8,5 миллион сўмдан ҳисобланган қорамоллардан бирини бозорда 4 миллион сўм эвазига сотишга мажбур бўлдим. Чунки, бу пулни қолган битта қорамолга ем-ҳашак сотиб олиш учун сарфлашни кўзлаган эдим, — деди Н.Ч.
Наслли чорва моллари олиш учун ажратилган имтиёзли кредит тумандаги «Афросиёб» ҳамда «А.Навоий» МФЙ вакиллари томонидан бориб ўрганилганда ушбу кредит ҳам мақсадсиз ишлатилгани аниқланган.
— Шунча миқдордаги банк маблағи кредит олувчи билан ўртадаги шартнома унинг хабари ёки розилигисиз қайсидир фермер хўжаликка кўчириб юборилмайди. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Банк мижози фуқаро Н.Ч. ҳамда тумандаги «Урганжиён чорва чашмаси» чорва моллари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари Завқиддин Асадов ўртасидаги шартномага мувофиқ, икки бош наслли қорамол учун 17 миллион сўм миқдоридаги маблағ кўчирилган. Бироқ, банкдан олинган кредит қарздорлиги мижоз томонидан ҳалигача қопланмаган, — деди «Микрокредитбанк» АТБ Ромитан филиали бошқарувчиси ўринбосари Раҳим Очилов. — Ушбу кредит мижоз томонидан 2018 йил май, июнь, июль ойлари кредит фоизи тўлови учун жами 164 минг сўм тўланган, холос. Ҳозирги кунда кредит фоизидан 6 ойлик 384 минг сўм, график бўйича 5 ойлик 2 миллион 834 минг сўм қарздорлиги мавжуд.
Н.Ч. «Дарё» мухбирига иддао қилишича, бу қарздорликни қоплаш учун унда ҳеч қандай маблағ йўқ. Маълум бўлишича, «Агробанк» акциядорлик тижорат банки Ромитан филиали томонидан Н.Ч.нинг ўғли А.А. номига ҳам 17 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган. Тўлов жадвалига асосан, жорий йилнинг 9 январь санасига муддати ўтган трафиги 2 миллион 658 минг сўмни ва муддати ўтган кредит фоизлари 700 минг сўмни ташкил қилади. Банк мижози шу кунга қадар кредит маблағларининг мақсадли ишлатилишини ўрганишдан қасддан бош тортиб келган.
— Ўғлим ўзига тегишли кредит қарздорликларни тўлаяпти. Бу бор ҳақиқат. Ўзимнинг кредит қарздорлигим эса менга кафил бўлган туман «Agrosуғурта» компанияси томонидан қопланади. Хўш, мен қаердан бунча маблағни қоплай олишим мумкин. Икки наслли чорва молдан бирини сотиб, иккинчисига ем-ҳашак харид қилишни, наслли қорамолларни кўпайтиришни истаган эдим. Аммо тўсқинликлар, қаршиликлар йўл қўймади, — дея важ қилди Н.Ч. ўзини қайта-қайта тадбиркор аёл эканлигини уқтирар экан.
Масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Урганжиён чорва чашмаси»чорва моллари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари билан телефон орқали боғландик:
— Н.Ч. шартномага кўра, «Урганжиён чорва чашмаси» чорва моллари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалигимиздан бирмас, 4 бош қорамол олиб кетди. Ваҳоланки, бир шартнома «Агробанк» акциядорлик тижорат банки Ромитан филиали орқали унинг ўғли фуқаро А.А. номига қорамол сотиб олиши учун 17 миллион сўм миқдоридаги маблағ фермер хўжалигимиз ҳисоб-рақамига келиб тушган бўлса, худди шундай иккинчи шартнома Н.Ч. билан тузилган. Ўзига ва ўғлига тегишли қорамолларни навбатма-навбат олиб кетди. Бу борада ҳужжатлар қайд этилган. Чунки қонунан бу қорамоллар унга ва ўғлига тегишли. Аммо у қорамолларни нима қилган, у ёғидан хабарим йўқ, — деди фермер хўжалик раҳбари Завқиддин Асадов.
Бундан ташқари, Н.Ч. 2007 йилда ҳам ўзи раҳбарлик қилган «Барака Файз сабр» фермер хўжалигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида «Халқ банки» Ромитан туман бўлими томонидан 6 274 400 сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағига эга бўлган. Бир неча марта огоҳлантирилишига қарамасдан, ажратилган кредит бугунги кунга қадар умуман сўндирилмаган. Айни кунгача банкнинг муаммоли кредитига айланиб келмоқда.
«Порталчи, ёзувчи, деб мени жиннига чиқаришларига оз қолди...»
— Раҳбарлар фуқароларни урса, сўкса, дўппосласа мумкину, фуқаролар дарду ташвишини айтса, қабулига киритмагач, аччиқ сўзлар айтса, ё қамалади, ёки таъқиб қилинади. Шунақами?! Менинг қўлларим, билакларим ИИБ ходимлари томонидан уриб, кўкартирилди. Нега уларга нисбатан чора кўрилмади? — деб Н.Ч. суратларни кўрсатди.— Менинг уч кун қамоқда ётганимдан вилоят ҳокими, вилоят прокурори ва вилоят ИИБ бошлиқларининг хабари йўқ. Шахсан вилоят ҳокими қайси туманга фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказса, ўша ерга борганман. Ҳеч эътирозсиз мени қабул қилган. Кўмак берган. Вилоят ҳокими айни пайтда Ромитан туман ҳокимлиги томонидан фойдаланишим учун вақтинча берилган ётоқхона-уйнинг ўз номимга расмийлаштириб берилишини ҳам таъкидлаган. Лекин туман ҳокимлиги вакиллари вилоят ҳокимининг бу ҳақдаги топшириғини бажармай келишяпти. Шундоқ ён қўшним Надежда Сухарукова ётоқхона-уйни ўз номига расмийлаштиролмагач, ўз жонига қасд қилишга уринишга мажбур бўлди. Ўзига пичоқ санчгачгина ётоқхона-уйни номига расмийлаштириб беришди. Мен эса бу ишни қилолмайман, ҳаддим ҳам сиғмайди. Арз билан борсам, нуқул «Порталчи келди, ёзувчи келди» дея масхараомуз гапиришади, — деди Н.Ч.
Н.Ч. туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Олима Исмоилованинг уни руҳий касалликлар шифохонасига ётқизиш мақсадида уй-ётоқхонасига «Тез ёрдам» машинасини жўнатиб, уни «жинни»га чиқаришга уринганини, шу боис, бир неча кун улардан қўрқиб, қочиб яшаб юрганини билдирди.
— Бўлиши мумкин эмас. Ҳеч қачон бундай хатти-ҳаракатда бўлмаганман. Ҳатто, бу фикр хаёлимга ҳам келган эмас! Қанча ёрдам ва кўмак беришимизга қарамай, доимий тарзда норози кайфиятда бўлиб келган. Ушбу фуқарони боқимандаликдан узоқлаштиришга, жамият корига яқинлаштиришга кўп бор уриндик. Аммо натижа бўлмади. Нима ҳам дердик, у бизнинг фуқаромиз, ҳар қандай вазиятга қарамай, имкон даражасида қўллаб-қувватлашимиз керак, — деди Олима Исмоилова.
— Йўқ, шахсан Олима Исмоилова ҳамда уни қўллаб-қувватловчи шахслар томонидан уйимизга «Тез ёрдам» машинаси жўнатилиб, мени руҳий хастага чиқаришга уринганларини исботловчи етарлича асосларим бор, — деди Н.Ч.
«Қамоқхона пулини тўлаш учун Президент берган газ плитасини сотдим»
Н.Ч.нинг айтишича, у ортиқча маблағи бўлмагач, 2018 йилда туман Хотин-қизлар қўмитаси томонидан берилган газ плитасини сотиб, 91.228 сўм миқдорида уч суткали маъмурий қамоқ харажатларини қоплаган.— Туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Олима Исмоилова вақтинча фойдаланишим учун берилган уй-ётоқхонага газ плитаси келтиришганда мендан миннатдорлик хатини олганди. Энди-чи? Президент берган газ плитасини сотиб, уч суткали қамоқ харажатини қоплашга мажбур бўлдим, — деди у.
Халқ қабулхоналарига саноқсиз мурожаат ёзиб, турли идора-ташкилот раҳбарлари устидан шикоят қилиб келаётган фуқаро Н.Ч. «Ҳар бир сўзимнинг исботи бор. Мен юқорига арз қиламан, адолатни юзага чиқаришади», — деди журналистларни ҳақиқатни ёритишларига ишонмай иккиланганча...
Н.Ч.нинг билдиришича, у ўзини ташвишлантириб келаётган бир нечта масалалар юзасидан судларга мурожаат қилган.
Изоҳ (0)