Жорий йилнинг 17 март куни Telegram мессенжеридаги айрим канал ва гуруҳларда Бухоронинг чўл ҳудудидаги «самосуд» тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Видеолавҳада бухоролик аёл бошқа икки аёл томонидан чўл ҳудудида мажбуран ечинтирилиб, уриб-дўппосланган ва «самосуд» қилинган.
Бухоро ИИБнинг «Дарё»га маълум қилишича, Ш.Б. ва М.Ш. исмли аёллар ўзаро жиноий тил бириктириб, ўзларига олдиндан таниш бўлган аёл Л.Ч.ни мажбурий равишда чўл ҳудудига олиб чиққан. Аёлнинг эгнидаги устки ва ички кийимларини мажбуран ечинтириб, яланғоч ҳолга келтирган. Икки аёл томонидан уриб-дўппосланиб, ҳақорат қилинган жабрланувчи бир неча маротаба кечирим сўрашига қарамасдан, тиз чўккан ҳолда яна такрор кечирим сўрашга мажбур қилинган ва ҳолат уяли алоқа воситаси ёрдамида видеотасвирга туширилган. «Самосуд» видеолавҳаси Telegram мессенжеридаги канал ва гуруҳларда тарқатилган ва жойлаштирилган.
«Мазкур ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, менталитетимизга ёт, уюштирилган, жиноятга етакловчи ушбу аянчли видеолавҳани турли ижтимоий тармоқларга тарқатган шахслар ҳам аниқланди. Telegram мессенжеридаги канал ва гуруҳлар блогерларига нисбатан вилоят ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деди Бухоро вилоят ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси катта тезкор вакили, капитан Ҳалим Камолов.
Изоҳ (0)