«Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош чекка ҳудудларда кенг тарқалган ўйин — парранда уриштириш ҳақида фикр юритади.
Кеча бир мурожаат олдим. У жамиятимизда кўзга унча ташланмайдиган, аммо анча долзарб бўлган бир муаммо ҳақида экан.Ассалому алайкум. Гапни чўзмай. Мен Андижондан ёзяпман. Ҳозирги кунда хўроз уруштиришга муккасидан кетганлар жуда кўпайиб кетган ва бунинг аудиторияси йилдан йилга ёшариб боряпти. Мен қишлоқ жойда яшайман шу дакан жиннилари ўзи (бола чақаси) емаса емайдики, шу даканига яхши нарсалардан едиради. Хўроз уриштириб пул топишни касб қилиб олганлар ҳам етарлича топилади. Ёшларни мана шундай ишлар билан банд бўлиб қолаётгани одамни ташвишлантиряпти.
Юқоридаги мурожаатда Андижон вилоятидаги аҳвол ёзилибди. Бизда, Самарқандда ҳам аҳвол худди шунақа. Хўроз, каклик ва бедана уриштиришга, уларни урушқоқ қилиб боқишга қизиқадиганлар, шу ишнинг жиннилари кўп. Эшитишимча, «катта ўйинлар» (яъни катта пул тикиладиганлари) Самарқанд шаҳрида ва унинг атрофида кўп бўлиб ўтади. Ургутда эшитмаганман-у, Самарқанд шаҳрида ит уриштириш ҳам бор дейишади.
Бундан 8–10 йил олдин бир хонадонга кириб қолдим. Қарасам, хонадон эгасининг олдида елим пакетларда писта, ўрик мағиз, ёнғоқ, ерёнғоқ турибди. Кузатиб турдим, у ўша нарсаларнинг ҳар биридан бир ҳовучдан олиб, пистани чақиб, мағизини алоҳида қўйди, ерёнғоқнинг пўстлоғини тозалади. Унинг ишига ҳайрон бўлиб, «буларни нима қиласиз?» десам, у «урушқоқ каклик ва беданаларим бор, ўшаларга бераман» деб қолди. Мен у одам каклик ва беданалар жинниси эканлигини, уйида уриштириш мақсадида каклик ва беданалар боқиши ҳақида эшитган эдим. Аммо ўзи ҳам емайдиган, бола-чақасига ҳам едирмайдиган нарсаларни уриштирадиган каклик ва беданаларига беришини кўриб ҳайрон қолганман.
Кейин суриштирсам, Самарқандда ҳафтада бир «ўйин»лар бўлиб ўтар экан.
Мен музофотимиздаги каклик ва бедана уриштиришга қизиқадиган одамларни кузатиб бир хулосага келганман: ҳеч ким эътибор бермас, бундай одамларнинг оиласида муаммолар келиб чиқиши жуда осон. Сабаби, улар уриштирадиган паррандалари енгилса, бунинг оқибатида яхшигина маблағ ютқизишса, ё уриштириш учун боқаётган паррандалари ўлиб қолса, улар бор аламларини оила аъзоларидан, фарзандларидан олади. Бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлганман.
Биттасини эшитганман, шу «ўйин»лар ортидан келиб чиққан жанжалда уриб ўлдиришди. Яна биттасини эшитганман, «ўйин»ларда ютқазиб келиб дўппослайверганидан хотини унинг калтаги остида ўлиб кетди. Яна биттаси ҳадеб «ўйин»ларда ютқазиб келиб, заҳрини сочавергани учун болалари ўта асабий бўлиб улғайишди.
Қисқаси, одамларнинг парранда ва ҳайвонларни уриштиришга қизиқиши жамият учун анча хавфли ҳолат. Агар бу ишларга ёшлар ўртасида қизиқиш кучли бўлса, хавф икки карра ортади.
Яна бир жиҳати — жониворларга асоссиз равишда азоб беришни ҳам на диний, на ахлоқий жиҳатдан оқлаб бўлмайди.
Шундай экан бундай ишларни қандай миллий ўйинлар деймиз?
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келиши мумкин.
Изоҳ (0)