Инновацион ривожланиш вазирлигида бажарилиши 2019–2021 йилларга мўлжалланган амалий илмий-техник лойиҳалар, инновацион ишланмалар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Амалий илмий-техник лойиҳалар, инновацион ишланмалар ҳамда долзарб тематик тадқиқотлар танловларини эълон қилгач, ҳар бир йўналиш бўйича танловга келиб тушган лойиҳалар вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар томонидан экспертизадан ўтказилмоқда. Топширилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги, натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган вазифаларга мослиги, ижрочиларнинг илмий-техник салоҳияти, ижрочи ташкилотда моддий-техник база мавжудлиги ва бошқа мезонлар ўрганилиб, тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.
Илмий-техник кенгашлар хулосалари асосида молиялаштиришга тавсия этилган илмий-техник лойиҳалар вазирлик ҳайъатида кўриб чиқилиб, молиялаштириш бўйича қарор қабул қилинди. Унга кўра, фармакология, металлургия, қишлоқ хўжалиги, кимё, техника йўналишларидаги аниқ мақсадга йўналтирилган 6 та лойиҳа молиялаштирилди.
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов молиялаштиришга тавсия этилган лойиҳа раҳбарларига сертификатларни топширди.
Мазкур 6 та тадқиқот ишлари молиялаштиришга лойиқ деб топилган илк лойиҳалардир. Эндиликда вазирлик мунтазам равишда молиялаштириладиган лойиҳаларни расмий веб-сайтида эълон қилиб боради.
Изоҳ (0)