Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юртида келгусида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган муддатли ҳарбий хизматчилар учун ўқув семинари ташкил этилди. Бу ҳақда «Дарё»га Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юрти офицери капитан Ўрозали Бойбеков маълум қилди.
Ўқув семинари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган.
Ўқув семинарида Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсатини ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ж.Маткаримов, «Ёшлар-келажагимиз» жамғармаси Чирчиқ шаҳар филиали раҳбари Ф.Ахмедов, «Халқ банки» Чирчиқ шаҳар филиали етакчи мутахассиси С.Юлдашев, «Ўзсаноат қурилиш банк» етакчи мутахассиси Ш.Тошметовлар иштирок этган.
Ўқув семинари давомида муддатли ҳарбий хизматчиларга тегишли мутасадди ходимлар томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг самарали бизнес лойиҳаларини тузиш, кредитлар олиш, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиблари бўйича ўқув машғулотлари ўтказилган.
Семинарининг якуний қисмида муддатли ҳарбий хизматчилар белгиланган имтиҳон мезонига мувофиқ синовдан ўтказилди ва 7 нафар муддатли ҳарбий хизматчи аъло баҳо билан «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва имтиёзли кредитларни расмийлаштириш учун сертификат» олиш учун йўлланма олган.
Изоҳ (0)