Ички ишлар органлари масъул бўлган учинчи сектор вакиллари февраль ойининг биринчи ҳафтасида 12 минг 466 хонадонга кириб борди, дея хабар беради ЎзА.
«Уйма-уй юриш асносида 13 минг 716 муаммо аниқланиб, улардан 1,5 мингга яқини жойида ҳал этилди, қолганларини ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Секторлар фаолияти йўлга қўйилгани жойлардаги муаммоларини ҳал этишда давлат органларининг масъулиятини оширди.
Бу тизим давлат органларини аҳоли билан янада яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим омил бўлди», — дейди Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов.
2019 йил 8 январда Ўзбекистон Президентининг «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилингани тизимда ўзига хос янги босқич бошлади.
Эндиликда қарор асосида секторлар фаолияти учун масъул бўлган тузилмалар, шу жумладан, ички ишлар органларининг секторлар бўйича фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Жумладан, секторлар фаолиятига «туман (шаҳар) – вилоят – республика» тамойили жорий этилди. Унга кўра, ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар ва солиқ идораларида секторлар бўйича вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилди.Секторлар штаби мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Сектор раҳбарининг ваколати кенгайтирилди.
Улар ўз ҳудудида аниқланган муаммоларни молиялаштириш бўйича сўровлар киритиш ҳуқуқига эга бўлди.Бундан ташқари, сектор раҳбарлари штаб аъзоларини рағбатлантириш ва уларни жавобгарликка тортиш учун ҳокимликка ҳамда иш берувчи ташкилотларга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган таклифлар киритадиган бўлди.
Қарор асосида сектор раҳбарлари ва аъзолари фаолиятини баҳолаш, уларни рағбатлантириш ҳамда жазолаш бўйича адолатли тизим жорий этилади.
Эндиликда ҳар йилнинг якунига кўра, «Энг намунали сектор», «Энг ташаббускор сектор раҳбари», «Энг фаол сектор штаби аъзоси» номинациялари бўйича республика танловлари ўтказилади.
Изоҳ (0)