The Guardian нашри совуқда йўқолиб қолган уч ёшли Кейси Хетеуэйнинг қутқарилгани ҳақида хабар берди. Кейсининг сўзларига кўра, унга айиқ ёрдам берган, ҳайвон болани икки кун қўриқлаган. Бола бувисининг орқа ҳовлисида ўйнаётган вақтда йўқолиб қолган ва об-ҳавога мос кийинмаган бўлган — ўша вақтда ҳаво ҳарорати тўрт даража совуқни ташкил қилган, деб ёзмоқда TJournal.
Бола ўртоқлари билан орқа ҳовлида ўйнаб юрган вақтда йўқолиб қолган. Буни билган ота-она полицияга хабар берган. Полициячилар боланинг қалин кийинмагани ва совуқ тушиши сабабли унинг ҳаёти хавф остида эканлигини айтган. Болани қидиришга вертолётлар, дронлар, махсус полиция бўлинмаси, дайверлар жамоаси ва юзлаб кўнгиллилар жалб қилинган. Улар ўрмонни икки кун кезиб чиққан, бироқ боланинг ҳеч қандай изини топа олмаган. Ҳавонинг тўсатдан ёмонлашиши сабабли қидирувлар тўхтатилган.
Кейси кичик оролчада топилган. Қутқарувчилар боланинг чакалакзорда адашиб қолганини пайқаган. Улар боланинг олдига бориш учун бели баравар сувдан кечиб боришга мажбур бўлган. Уйга қайтгач, Кейси унга маҳаллий ўрмонда яшовчи қора айиқ икки кун давомида ёрдам берганини айтган. Боланинг айтишича, ҳайвон унинг дўсти бўлган.
Изоҳ (0)