26 январь, шанба куни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакиллигида вилоят ҳокимлиги ва «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида «Мурувват карвони» номли хайрия тадбири ташкил этилди. Бу ҳақда журналист Умиджон Мамарасулов хабар қилмоқда.
Тадбирда Андижоннинг барча шаҳар ва туманларидан таклиф этилган 20 нафар имконияти чекланган шахсга ногиронлик аравачаси, 100 нафардан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган фуқароларга жами 90 миллион сўмдан ортиқ миқдордаги озиқ-овқат, маҳсулотлари, кийим-кечаклар улашилди.
Тадбир давомида хизмат вазифаларини самарали ўтаб келаётган имом-хатибларни рағбатлантириш мақсадида мусулмонлари идораси томонидан нашр эттирилган диний-маърифий мазмундаги китоблар совға қилинди.
— Халқимизнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини бироз бўлсада аритиш, дилларига хушнудлик олиб кириш мақсадида кўплаб хайрия ишлари олиб борилмоқда, — дейди фонд раҳбари И. Ҳалилов. — Шу мақсад доирасида меҳрибонлик, саховат ва нуронийлар уйлари, шифохоналар, беморлар, мактаб-интернатлари, моддий етишмовчилиги бор хонадонлар, боқувчисини йўқотган оилаларга беғараз ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Ноябрь ойидан буён ана шундай хайрия ишларнинг давоми сифатида фонд томонидан республика бўйлаб «Меҳр-мурувват карвони» номли хайрия тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Шу куни вилоятдаги барча масжидлар имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда фонд раҳбарининг 2018 йил мобайнида қилинган ҳамда 2019 йилда амалга оширилиши кутилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Изоҳ (0)