Хонобод шаҳрининг Фитрат номидаги маҳалласида яшовчи Неъматжон Ҳамдамов (исм-шарифи шартли) хонадонида гиёҳванд модда сақлаганлиги учун қўлга олинди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.
— У кишининг қилмишини умуман оқлаб бўлмайди, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фаридахон Матхолиқова. — Боиси, Неъматжон Ҳамдамов 67 ёшни қоралаган, аслида барчага маслаҳат бериб, намунали хулқи билан ибрат кўрсатиши керак.
Шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда аниқланишича, фуқаро ўз хонадонида 25 грамм миқдорида марихуана гиёҳванд моддасини сақлаб келган.
Ҳудуд профилактика инспектори, катта лейтенант Шавкат Мирзаевнинг маълум қилишича, у муқаддам гиёҳванд моддасини сақлаш, истеъмол қилиш ва қотиллик жиноятларини содир этган. Шу боис ички ишлар ҳамда маҳалла фаоллари эътиборида бўлган. Бекорчилик туфайли яна салбий иллатларга қўл уришининг олдини олиш мақсадида доимий иш жойи билан ҳам таъминлаганди.
Изоҳ (0)