Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Белдирсойда ҳалок бўлган уч нафар сноубордчи ҳақида маълумот берди.
24 декабрь куни Тошкент вилояти ФВБ тезкор навбатчисидан олинган маълумотига кўра, соат 16:00 ларда Бўстонлиқ тумани «Белдирсой» МФЙ ҳудудида жойлашган «Белдирсой» спорт мажмуасининг «Дор йўлаги» (канат йўли) ҳудудида 3 нафар фуқаро (М.М. 1994 йилда туғилган, М.М. 1999 йилда туғилган, М.С. 1999 йилда туғилган) сноуборд спорт тури билан шуғулланиш жараёнида, тақиқланган хавфли ҳудудда ҳаракатланишлари натижасида қор кўчкиси юзага келган, оқибатда улар қор уюмлари остида қолиб вафот этган.
Воқеа жойида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида фуқароларнинг жасадлари соат 19:05 да қор уюмлари остидан олиб чиқилди.
Содир бўлган ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Юзага келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларга тоғли ҳудудларда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни тавсия этди.
Изоҳ (0)