Бош прокуратура ҳузуридаги Agrosаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилояти бошқармаси томонидан «ААА» ДУКда ўтказилган текширишда пудратчи мансабдор шахслари томонидан бюджет маблағлари талон-тарож қилингани аниқланган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
2017 йил февраль декабрь ойларида Пахтакор туманидаги 6 та зовурларга қуюлувчи иншоотларда шағал тўкиш, дренажлар усти полосасини кўмиш, бошланғич қудуқлар ўрнатиш, кузатув қудуғи сирти, бошланғич қудуқлар сиртини изоляция қилиш, атрофини тупроқ билан кўмиш, лотокларни алмаштириш ҳамда қўл кучи ёрдамида бажариладиган ишлар бўйича жами 2 миллиард 490 миллион 228 минг сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилганлиги ҳақида ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ўрганишлар натижасида ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 70 миллион 658 минг 400 сўмлик ишлар қўшиб ёзилгани, расмий ҳужжатлар сохталаштирилиб буюртмачига тақдим қилингани маълум бўлди.
Бундан ташқари, корхона мансабдор шахслари 2017 йил давомида интизомий жазо қўлланилган ходимларга жами 11 та ҳолатда 8 миллион 990 минг сўм рағбатлантириш пуллари тўлаб бериб, бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Дебитор қарздорликларни ўз муддатида ундириш чоралари кўрилмагани натижасида корхонанинг 193 миллион 886 минг 400 сўм муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Инспекциянинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан «ААА» ДУК мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориш учун вилоят прокуратурасига юборилган.
Изоҳ (0)