Президент Шавкат Мирзиёев Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни қабул қилди.
Ҳужжатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий органларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилган.
Вазирликнинг қуйидаги таклифларига розилик берилди:
Хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш марказини, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш бўлимларини;
«Ўзмединфо» электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш марказини тугатиш;
Вазирлик тузилмасида Давлат-хусусий шерикликни ва тиббий туризмни ривожлантириш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларини ҳамда давлат унитар корхонаси шаклида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш марказини ташкил этиш;
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари бўйича жаҳон амалиётида қўлланиладиган воситалардан фойдаланган ҳолда соғлиқни сақлаш ҳисобларининг миллий тизимини татбиқ этиш.
Соғлиқни сақлаш вазирининг розилигисиз давлат соғлиқни сақлаш муассасаларининг ер участкалари ва кўчмас мулклари бегоналаштирилиши тақиқланди.
Давлат статистика қўмитаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмасига асосан 2019 йил давомида уй-жой хўжалиги доирасида аҳолининг тиббий харажатлари бўйича ўрганишлар ўтказади.
Изоҳ (0)