Навоий вилоятининг Кармана туманида «Ҳунарманд» маркази фойдаланишга топширилди. Марказ қурилишига 7 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Бу ҳақда «Turon 24» хабар берди.
Марказ икки қаватдан иборат бўлиб, унда кўргазма зали, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш хоналари, қадимий шийпонлар кўринишида жиҳозланган мулоқот хоналари ҳамда ҳунармандлар чойхонаси ташкил этилган.
«Вилоятимизда кўзга кўринган 30 нафар энг сара уста ҳунармандни йиғдик. Марказда ҳунармандлар ижара ва таг жой тўловларини тўламайди. Келажакда кўргазма залида нафақат 30 нафар, балки бошқа ҳунармандларнинг ҳам маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилади. Вилоятда мисгар, ўймакор, кулол ҳамда атлас ва адрас тўқиш сингари ҳунармандчилик йўналишлари бўйича ишлайдиган мутахассислар етишмайди. Шу боис, марказда мазкур ҳунармандчилик турлари бўйича қўшни вилоятлардан мутахассислар чақиртирилиб, навоийлик ҳунармандларга маҳорат дарслари ташкил этилиши режалаштирилмоқда», — дейди «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Жамшид Жумаев.
Жамшид Жумаев, шунингдек, кўргазма залига республика бўйича энг сара ҳунармандчилик намуналари жамланган 600 миллион сўмлик маҳсулотлар келтирилганлиги, вилоятга келган туристлар ҳамда маҳаллий аҳоли ҳам уларни харид қилиш имкониятига эга бўлишини айтиб ўтди.
Изоҳ (0)