Мультипликация йўналишида энг катта муаммо — кадрларнинг етишмовчилиги. Бу ҳақда «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК директори Обид Асомов Тошкент шаҳрида анимация бўйича ўтказилган амалий машғулот вақтида берган интервьюсида қайд этиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
«Рассомлар тегишли факультетларда ўқиб чиқяпти, лекин айнан мультипликацияга бош қўшадиган аниматорлар ҳали етмайди. Олдимиздаги мақсад жуда катта. Биз 2020 йилгача 50 та мультфильм ишлаб чиқаришимиз керак. Бунинг учун бизга нафақат расм чизишни, балки анимацияни биладиган мутахассислар керак. Бизда шунча фильм олиш учун шароит бор, маблағ ҳам ажратилган. Техник томондан ҳам ёрдам бериляпти. Биз Мультипликацион фильмлар студияси қошида ўқув марказ ташкил қилдик. Ҳозир шу марказда 20 га яқин ёшлар таълим оляпти. Тренингдан мақсад ҳам айнан ёш аниматорларни маҳоратини ошириш ва бу орқали чиқаётган мультфильмларимизнинг сифатини кўтаришдан иборат. Бу семинарни ташкил этилиши бизнинг орзумиз эди. 5 кун давомида жаҳонга машҳур мультипликатор Михаил Тумеля бизнинг ёшларга сабоқ берди», — деди Обид Асомов.
Албатта, бугунги кунда анимацион фильмларнинг бола тарбиясидаги ўрнини исботлашга ҳожат йўқ. Экранларни тўлдириб турган, дунё бозорини эгаллаган Disney у ёқда турсин, ҳатто «Анимакорд» мультфильмлари билан рақобатлашиш даражасига етиш анча қийин. Маҳоратли мутахассисларни жалб этилган ҳолда тренинглар ўтказиш эса, халқаро тажрибани ўрганиш баробарида, аниматорнинг шахсий қарашлари ва ғояларини билиш имконини ҳам яратди.
Тренингни катта қизиқиш билан кузатиб борган ёш аниматор-режиссёр Азизбек Муҳаммедовдан тадбирнинг фойдалилик даражаси сўрагалганида, у анча самарадор бўлганини қайд этиб ўтди. Шу билан бир қаторда яқин йилларда мультипликациянинг ривожига умид қилаётганини ҳам билдириб ўтди.
Изоҳ (0)