21 ноябрь куни Брюссель шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш масалалари бўйича комиссари Невен Мимица билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, жумладан «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» шаклидаги алоқаларни янада ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг динамик ва самарали кўриниши мамнуният билан қайд этилди. Хусусан таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда, шу нуқтайи назардан Ўзбекистонда «Хусусий ҳуқуқ» ва «Тиббиёт» каби мутахассисликларда Европа ОТМлари филиаллари тармоғини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда умумий кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон делегацияси ташрифи доирасида умумий бюджети 25 миллион евро бўлган «Чорвачилик секторини ривожлантириш», «Адлия органлари томонидан республика минтақаларида кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини яхшилаш» лойиҳаларини Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириш тўғрисидаги битимлар имзоланди.
Изоҳ (0)