Ижтимоий тармоқларда «Карвон кўрдим» қўшиғининг янгича ижроси билан шов-шувга сабаб бўлган хонанда, Чеченистон халқ артисти Сан Жай (Санжар Жавбердиев) Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат қилди, деб ёзади Turon24.
Асли Ўзбекистонда туғилиб-ўсган Сан Жай видеомурожаатда «кейинги йилларда Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлардан хурсанд эканини, шу ўзгаришлардан илҳомланиб юртга қайтганини» айтиб ўтди.
«Ўзбекистон учун, ўз халқим учун ўз қўшиқларимни ўзбек тилида яратиб халққа совға қилмоқчиман. Лекин баъзи бир сабабларга кўра, менинг телевидениега чиқишим, радиога чиқишим, давлат тадбирларига чиқишимга шароит йўқ. Чунки менда лицензия йўқ. Лицензия олиш учун менга соқолингни ол дейишаяпти. Соқол мен учун – имиж. Бу имижни ўзгартиргим келмайди», – дейди Сан Жай видеомурожаатида.
Ўз ўрнида ушбу масала юзасидан Turon24 «Ўзбекконцерт» матбуот котиби билан боғланди. Суҳбат пайти матбуот котиби ташкилот низоми ва бошқа меъёрий ҳужжатларда лицензия тақдим этилишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган сабаблар рўйхатида хонанда келтирган важ йўқлигини, бадиий кенгаш аввало лицензия талабгорининг мусиқий салоҳияти ва қобилиятига қараб баҳо беришини маълум қилди.
«Сан Жай керакли ҳужжатларни олиб келса, унга лицензия беришни қонун доирасида кўриб чиқамиз», – деди «Ўзбекконцерт» матбуот котиби.
Изоҳ (0)