Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг малакали мутахассислари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб ёзади ЎзА.
Қарор билан малакали чет эллик мутахассислар меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва уни мутлақо янги поғонага кўтариш, рақобатдош меҳнат ресурсларини жалб қилишни рағбатлантириш бўйича бир қатор янги қоидалар жорий этилмоқда.
Хўш, улар нималардан иборат?
Жумладан, Ўзбекистонда юқори малакали мутахассислар, деб халқаро рейтингда биринчи мингталикка кирадиган олий таълим муассасаларини битирган, мутахассислиги бўйича 5 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга чет эл фуқаролари тан олинадиган бўлди. Уларга Ўзбекистон Республикасида йилига 60 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган суммада иш ҳақи белгиланади.
Малакали мутахассислар, деганда эса олий маълумотли, мутахассислиги бўйича камида 5 йиллик иш тажрибасига эга чет эл фуқаролари тушунилади. Уларнинг йиллик ойлик маоши миқдори камида 30 минг АҚШ долларини ташкил этиши мумкин.
Табиийки, иш бажарувчининг ҳам ўзига яраша шартлари бўлади. Қарорда айни шу шартларга жавоб бўладиган имтиёзлар ҳам ўз ифодасини топган.
«Масалан, улар кўп марталик меҳнат визасини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Қолаверса, виза муддати тугаган тақдирда Ўзбекистон ҳудудидан чиқмасдан туриб, виза учун қайта мурожаат қилишлари мумкин. Яна бир қулайлик шуки, уларнинг оила аъзоларига ҳам яшашлари учун тегишли виза ҳужжатлари расмийлаштирилади. Мабодо юқори малакали хорижий мутахассис объектив сабабларга кўра, жалб қилинган корхонада ишлай олмаса, унга 30 кун ичида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бошқа корхона топиб, ўша ерда ишлашига имкон берилади», — дейди Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов.
Шунингдек, ҳужжатда хорижлик малакали мутахассисларнинг Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини олиб бориши ва инвестицияларни жалб этиши учун яна кўплаб имтиёзлар белгиланган.
Изоҳ (0)