10 ноябрь, шанба куни Тошкент ҳокимлигида Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш департаменти раҳбариятининг велоҳамжамият вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди, деб ёзади «Газета.uz».
Учрашувда велотармоқни ривожлантириш масалалари билан шуғулланиш учун ишчи гуруҳи тузиш, велоспортни тарғиб этиш учун тадбирлар ўтказиш, велишеринг жорий қилиш, аҳоли зич жойлашган жойларда велосипедлар учун тураргоҳлар ташкил этиш мавзулари муҳокама қилинди.
Пойтахтда велоҳаракатни тарғиб қилиш учун турли тадбирлар, шу жумладан, велопойгалар ва фестиваллар ўтказиш белгилаб олинди. Зарур бўлса, велоҳаваскорлар қулайлиги ва хавфсизлиги учун кўчалар ёпилади ва ҳудудлар ажратилади.
Жамоатчилик кенгаши департаментга шаҳарда мавжуд велойўлаклар юзасидан танқидлар ва таклифларни билдирди. Улар орасида — жамоат транспортини велосипедларни ташиш учун маҳкамлаш мосламалари билан жиҳозлаш ҳамда эрталабки тиғиз вақтгача ва кечки тиғиз вақтдан кейин велосипедларни ташишга рухсат бериш бор.
Тошкентга велоинфратузилмани риволантириш концепциясини ишлаб чиқиш учун ЕХҲТ ҳамкорлигида чет эллик мутахассисларни таклиф этиш таклифи кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)