Ўзбекистонда 2019 йил 1 январдан хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати кучга киради. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.
Фото: Sputnik
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, улар томонидан қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари сотилишига тақиқ жорий этилмоқда. Бунда алкоголли ва тамаки маҳсулотлари, нефть маҳсулотларининг барча турлари, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар ёхуд бундай материаллар қўлланилган буюмлар, аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурлар, янги импорт автомобиллар ва фармацевтика товарларини сотишга ҳозир амалда бўлган чекловлар сақланиб қолади.
Товарларни импорт қилиш ва кейинчалик уларни сотиш шарти қўйилди — олиб кирилаётган товарларнинг нархи бир ойда 5000 АҚШ доллари эквивалентидан ошиши мумкин эмас.
Қуйидагилар рўйхатдан чиқариб ташланди (улар 2019 йил 1 январдан хусусий тадбиркор сифатида фаолият амалга ошира олмайди):
Алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш;
Автотранспорт воситаларини ювиш, салонни тозалаш ва шунга ўхшаш бошқа хизматлар;
Пишлоқдан маҳсулотлар тайёрлаш ва сотиш;
Витраж ишлари (шиша, смалта ва бошқа материаллардан тайёрланган витражлар).
Давлат хизматлари марказлари рўйхатдан чиқарилаётган фаолият турлари билан шуғулланаётган ЯТТга бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга қайта рўйхатдан ўтишда — юридик шахс ташкил этишда кўмаклашади.
Изоҳ (0)