Дунёнинг кўплаб мамлакатларида автомобиллар сони шиддат билан кўпаймоқда, бунда фойдаланилган автошиналар сони ҳам ўсмоқда. Уларнинг утилизацияси мураккаб ва қиммат турадиган жараён ҳисобланади, шунинг учун барча мамлакатларда ҳам утилизация мавжуд эмас. Европада фойдаланилган шиналар қайта ишлашга жўнатилса, у даражада ривожланмаган мамлакатларда шиналарни чиқиндихоналарга ташлаш ёки шунчаки ёқиб юбориш маъқул кўрилади, деб ёзади TravelAsk.
Автомобиль шиналари турли резина аралашмаларидан тайёрланади ва уларнинг таркиби ишлаб чиқарувчилар томонидан қатъий сир сақланди. Шундай бўлса ҳам, унинг асосини нефтдан олинадиган синтетик каучук ташкил қилади. Шиналарнинг хизмат қилиш муддати фойдаланиш даражасига боғлиқ ва ўртача беш йилни ташкил этади.
Ҳар йили дунёда тахминан етти миллион тонна ишлатилган шина чиқиндиси юзага келади. Маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб тахминан 25 миллион тонна шина чиқиндихона ва махсус майдонларда утилизацияни кутмоқда.
Бироқ дунёда нафақат фойдаланилган шиналарни утилизация қилиш масаласини ечиш даражасида бўлмаган, балки бошқа мамлакатлардан мазкур чиқиндиларни қабул қиладиган давлатлар мавжуд. Улар қаторига Сулабия деб номланувчи дунёдаги энг катта автошиналар чиқиндихонаси жойлашган Кувайт киради.
Бу жойга нафақат Кувайтнинг ўзидан, балки Ҳиндистон, Покистон ва ҳатто Малайзиядан ҳам шиналар олиб келинади. Шина чиқиндиларининг кўп йиллик йиғилиши оқибатида чиқиндихонанинг майдони 600 минг квадрат метрга етган. У ерда баъзан ёнғинлар юз бериб туради.
Бу улкан чиқиндихонани ҳатто космосдан олинган суратларда ҳам кўриш мумкин. Мамлакат раҳбарияти бошқа муаммолар билан шуғулланишни маъқул кўради. Шиналар оддий сақлаш орқали, шунингдек, улкан ёнғинлар оқибатида утилизация қилинади.
Изоҳ (0)