Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида «Марказий Осиёда Япония сиёсати« мавзусида семинар бўлди. Унда Япониянинг Хоккайдо университети таркибидаги Славян-Евроосиё тадқиқот маркази профессори Томохико Уяма маъруза қилди, дея хабар беради ЎзА.
— Илмий фаолиятим Марказий Осиё мамлакатлари тарихи ва сиёсатини, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини қиёсий тадқиқ этиш билан боғлиқ. Изланишларим доирасида ва уларни кенг оммага етказиш мақсадида Марказий Осиёнинг қатор давлатларида семинар ва конференцияларда иштирок этиб келмоқдаман. Япониянинг Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон билан ҳамкорлик муносабатлари узоқ тарихга эга эканини алоҳида таъкидлашни истардим, — дейди олим.
Томохико Уямага кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатини дунё ҳамжамияти катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда. Бу сиёсат натижасида минтақада маданий мулоқот, интеграция кучаймоқда. Япония Ўзбекистон билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Бу Японияда ўзбек тили, мамлакат тарихи ва маданиятини ўрганишга қизиқувчилар тобора ортишига хизмат қилмоқда.
Хусусан, Токио, Сукуба каби университетларда Марказий Осиё халқлари, хорижий тиллар кафедраларида ўзбек тили ва адабиёти фанларидан талабаларга таълим берилади. Шунингдек, Япониядаги бир қатор университетлар Миллий университет, Жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти ва бошқа қатор таълим муассасалари билан талабалар алмашувини йўлга қўйган.
Изоҳ (0)