Эрон ташқи ишлар вазирлиги 28 кишининг умрига зомин бўлган Ахваз шаҳридаги ҳарбий парад вақтида юз берган теракт туфайли Нидерландия ва Дания элчилари ҳамда Буюк Британиянинг муваққат вакилини чақиртирди. Бу ҳақда вазирлик вакили Баҳром Қосимий маълум қилди, дея хабар беради Sputnik.
ТИВ уч давлат вакилларига улар Ахвазда юз берган терактга алоқадор бўлган террорчи гуруҳларни ўз мамлакатларида яшириб келаётгани тўғрисидаги Эрон ёндошувини билдирди.
Қосимийга кўра, Эрон аллақачон бу давлатлар ҳукуматларига террорчилар ҳали ҳам уларнинг ҳудудларида эканини маълум қилган ҳамда жиноятчиларни ҳибсга олиб, суд қилишга чақирган.
«Европа иттифоқи ушбу террорчи гуруҳларни то улар Европа ҳудудида жиноят содир этмагунга қадар ўзининг қора рўйхатига киритмаётганини қабул қилиб бўлмайди», дея таъкидлади Қосимий.
ТИВ вакили ушбу теракт Нидерландия ва Дания томонидан қатъий қораланиши, шунингдек, айбдорлар Эронга экстрадация қилинишига умид билдиришини маълум қилди.
Изоҳ (0)