Россиянинг Орёл вилоятида Nexia автомобили ва ПАЗ автобуси ўртасида юз берган автоҳалокатда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларининг жасадлари ватанга олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати хабар берди.
11 сентябрь куни соат 07:15 (Москва вақти билан)да Орёл вилояти Орёл тумани М-2 «Қрим» автойўлида ПАЗ русумли автобус Nexia автомобили билан рўпарама-рўпара тўқнашиб кетган. Ҳодиса оқибатида Nexia’нинг икки йўловчиси — Моҳмирза Раҳмонов (1986 йилда туғилган) ва Маликахон Ғозиева (1983) воқеа жойида вафот этган. Жароҳатлар билан Мценск шифохонасига жойлаштирилган ҳайдовчи Камолиддин Ўринбоев (1989) кейинчалик оламдан ўтган. Уларнинг бари Андижондан бўлган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳамда маҳаллий диаспоралар томонидан жорий йилнинг 15 сентябрь куни амалга оширилган қўшма тадбирлар натижасида ҳалок бўлган фуқаролар жасадлари Андижон вилоятига ҳаво транспорти орқали олиб келинди.
Изоҳ (0)