Нуробод туманида республика қоракўлчиларининг ҳудудий семинари бўлиб ўтди. Самарқанд, Навоий, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан келган тармоқ идоралари раҳбар ва мутахассислари, фермерлар қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўлларини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда «Zarnews» хабар берди.
Семинар доирасида тумандаги Жарқудуқ қишлоғида Самарқанд вилояти «Қоракўлчилик маркази» очилди. Марказда хизмат қилувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув хонаси, ветеринария дорихонаси, омихта ем омборлари, тикув цехи ва жун хом ашёси ҳамда иссиқхона фаолияти тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.
— Мазкур марказни ташкил этиш, жиҳозлаш ва ободонлаштириш ишлари учун 460 миллион сўм маблағ сарфланди, — дейди вилоят «Қоракўлчилик маркази» раиси Баҳодир Санаев. — Бундан кўзланган мақсад қоракўлчилик соҳаси мутахассисларининг билими ва малакасини оширишдан иборат. Илгари қоракўл қўйларни бўрдоқига боқишга ихтисослашган махсус мажмуалар мавжуд эмас эди. Марказ очилиши билан қоракўл ва гўшт етиштириш, озуқа тайёрлаш цехлари фаолиятини йўлга қўйиш, замонавий кушхоналар очиш, терини ошлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш цехларини қуриш имкони яратилади.
Тадбир иштирокчилари бу ерда қоракўл терилари ва улардан тайёрланган бош кийимлар ҳамда пойабзал маҳсулотлари, «Нурли эл чорвадори» масъулияти чекланган жамиятига қарашли «Қайроғоч қудуқ» хўжалигида чорва қишловига тайёргарликнинг бориши, яратилаётган шарт-шароитларни кўздан кечирдилар.
Семинар ишида республика «Қоракўлчилик» уюшмаси раиси Нурбек Йўлдошев иштирок этди.
Изоҳ (0)