Сўнгги миш-мишларга кўра, Samsung’нинг илк буклама смартфони январда CES 2019 кўргазмасида тақдим этилади, деб ёзади Hi-Tech Mail.Ru. Интернетда қурилманинг Samsung’нинг бир нечта патент аризалари асосида чизилган илк тасвирлари пайдо бўлди.
Аввалроқ смартфон Galaxy Х деб номланиши тахмин қилинган эди, аммо сўнгги маълумотларга кўра, у Galaxy F деб аталиши мумкин (foldable — «букланадиган» сўзидан олинган). Рендерларга қараганда, қурилмани буклаб, тўлиқ ёпиб бўлмайди. Бундан ташқари, экранлардан бири иккинчисини тўлиқ тўсмайди, шу сабабли пастда билдиришномаларни кўрсатиш ёки мультимедиани бошқариш тугмаларини акс эттириш учун кичик жой қолади.
Рендерлар муаллифлари бармоқ изи сканерини қурилманинг орқа панелига жойлаштирди, бироқ Samsung уни дисплей тагига ҳам ўрнатиши мумкин. Қурилмада тўртта камера бўлади, иккитаси олд, иккитаси орқа панелда жойлашади.
Миш-мишларга мувофиқ, очиқ ҳолатда Galaxy F’да 7 дюймли ва 1440×3360 пикселли экран, 3000 дан 6000 мА/соатгача сиғимли батарея бўлади. Нархи 1850 доллар бўлиши тахмин этилмоқда.
Изоҳ (0)