2018 йилнинг 15 августида «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш марказида (Марказ) IGB & Company компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази ахборот хизмати хабар беради.
Бугунги кунда Корея Республикаси АТ-саноатини ривожлантириш бўйича Миллий агентлиги (НIPА) ва Корея консалтинг компанияси IGB & Company билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда экотизим учун стартап платформасини яратиш» лойиҳасини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда, унинг доирасида IGB & Company мутахассислари лойиҳа олди тадқиқотларни ўтказиш учун юртимизга ташриф буюришди.
Учрашувнинг мавзуси 2 қисмдан иборат бўлди: Ўзбекистонда стартап-саноатнинг ҳозирги ривожланиш ҳолатини муҳокама қилиш ва ушбу йўналишда Корея Республикаси билан тажриба алмашиш. Меҳмонлар стартап экотизими платформаси буйича тақдимот ўтказишди. Таъкидлаш жоизки, Жанубий Кореяда стартап-саноатини ривожлантириш учун қатор қулай шароитлар мавжуд: К-startup портал, Business insubator портал, Angel investment портал ва бошқалар. Корея ҳукумати ва хусусий секторлари билан яқин ҳамкорликда бизда ҳам ушбу саноатни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш жараёни давом этмоқда.
Йиғилиш давомида Марказ директорининг ўринбосари Данияр Атаджанов Марказ фаолияти ва мамлакатимизда АКТ соҳасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берди. Марказ раҳбарияти Жанубий Кореянинг ихтисослашган экспертлари билан «Ўзбекистонда стартап экотизими платформасини яратиш» лойиҳаси доирасида миллий стартап порталини жорий этишда таҳлил қилиш, маълумотлар алмашиш ва ишга тушириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ (0)