Жорий йилнинг 11 август куни Ўзбек миллий драма театрида Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Исмоилованинг 80 йиллик таваллуд куни муносиб нишонланди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Дилбар ая номи аталмиш зоднинг кўплаб шогирдлари, ҳамкасблари, оила аъзолари, дўстлари ушбу қутлуғ сана билан истеъдод эгасини қутлашди.
Шунингдек, Дилбар Исмоиловага Маданият вазирининг табрик сўзи ўқиб эшиттирилди ҳамда Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаси ҳам тақдим этилди.
Дилбар Исмоилованинг театр саҳнасида яратган образлари, яъни «Дийдор» спектаклидаги Шарқия, «Қутлуғ қон»да Гулсум, «Заҳарли ҳаёт»да Сора, «Нон, қон, инсон» психологик драмада Она, «Қайтар дунё» драмасида Хатира, «Отасининг қизи» комедиясида Профессор аёл, «Парвона»да Адолат, Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони» ва «Фармонбиби аразлади» юмористик комедияларида Лутфи, «Аяжонларим»да Бўстон буви, «Вафодор»да Саодат ая ва театрдаги ижоди билан бирга кино соҳасида «Суюнчи», «Келинлар қўзғолони» каби бир қатор фильмларда ранг-баранг роллари орқали эл суйган санъаткорга айланган ва халқимиз қалбидан ўз ижролари орқали муносиб жой олган ижодкордир.
Турли прототипларини яратадиган инсон бутун ҳаётини театр саҳнасига бағишлаган.
Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Исмоилова бетакрор истеъдод соҳибаси Зайнаббегим Садриева ардоғида, севимли фарзанд, садоқатли шогирдлиги билан чекланибгина қолмай, ўз устида тинимсиз изланиш олиб бораётган актрисалардан бири экани таъкидланди.
Изоҳ (0)