Нишон тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимида қоровул бўлиб ишлаган А.О. бўлим биносида бошқа «хизмат» турини ҳам йўлга қўйиб олган экан. Бу ҳақда «Xabar.uz» маълум қилди.
Кундузги иш жараёнига мутлақо зид равишда тунлари бу ерга енгил-елпи ҳаётга ружу қўйган эркак ва аёллар келиб турган. Бино қоровули эса маълум ҳақ эвазига уларга жой ҳозирлаб бераверган.
Бу сафар ҳам Қарши шаҳри, Пахтазор маҳалласида яшовчи Ю.З. Нишон тумани, Талимаржон шаҳарчасида яшовчи Н.Д. билан тунги соат 23 лар атрофида туман марказида учрашади. Учрашувдан мақсад эса ўзларининг ҳирсини қондириш эди. Бунинг учун хилват жой топишса бўлгани.
Жой масаласида бироз ўйлашгандан сўнг қиз танишларидан туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш идораси қоровули пул эвазига жой бериши ҳақида эшитганлигини айтади. Шундан сўнг улар ушбу бинога қараб йўл олади ва идора эшигини тақиллатади.
Бу пайтда қоровул маҳалласидаги тўйдан сўнг энди келиб жойига чўзилган эди. Шунга қарамай, эркак ва аёлнинг ташрифи уни безовта қилмади. Нима мақсадда келишганини англаб, чопқиллаб чиқиб дарвозани очди.
Ўзаро келишув 66 ёшли отахоннинг 30 минг сўм эвазига невараси тенги йигит ва қизга ўз жойини бўшатиб бериб, дарвозага қулф солганча ташқарига чиқиб кетиши билан якунланди.
Аммо бу вақтда туман марказида ярим тунда бемақсад юрган йигит ва қиз аллақачон ҳудудда фаолият олиб бораётган ички ишлар ходимларини шубҳалантирган, жуфтлик кузатилмоқда эди. Улар ФҲДЁ биносига киришгач, ИИБ ходимлари қоровулдан изоҳ талаб қилди.
Кўп ўтмай барча ҳолатга ойдинлик киритилди. А.О.нинг пул эвазига фуқаролар — Ю.З. ва Н.Д га фаҳш ишларини амалга ошириш учун шароит яратиб бергани ўз исботини топиб, ҳолат ҳужжатлаштирилди.
Энди қўшмачи қоровул бу қилмиши учун қонуний жазога тортилади.
Изоҳ (0)