Ўзбекистон Адлия вазирлиги Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари рўйхати ҳамда Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тўғрисидаги низомга тузатиш киритишни таклиф этмоқда. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Айни пайтда пойтахтда ёки пойтахт вилоятида доимий пропискадан ўтиш учун эр-хотинлардан бири мурожаат қилган вақтда улар камида бир йил бирга яшаган бўлиши лозим.
Ушбу талабни бекор қилиш таклиф этилмоқда. Яъни тузатиш тасдиқланадиган бўлса, эр (хотин) биргаликда қанча муддат яшаган бўлишидан қатъи назар, эр (хотин — хотини (эри) доимий прописка қилинган уй-жой майдонига прописка қилиниши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш учун зарур бўладиган ҳужжатлар рўйхатига ҳам тузатиш киритиш режалаштирилмоқда. Хусусан, доимий пропискага эга бўлиш учун турар жой учун ҳужжатларнинг нусхалари ва уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёхуд агар шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги)ни тақдим этиш бекор қилиниши мумкин.
Изоҳ (0)