Халқаро тажрибага эга бўлган ўзбекистонлик футбол мутахассиси Санъат Шарипов эндиликда Ўзбекистон футбол ассоциациясида маслаҳатчи сифатида фаолият юритади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар берди.
Қайд этилишича, Санъат Шарипов Европа футболидаги ютуқлар, бой тажриба ва футболчиларни тарбиялашда йўлга қўйилган тизим, маҳаллий футболчиларнинг хориж клублари билан шартнома имзолашда аҳамият қаратиши керак бўлган жиҳатлар каби кўплаб масалаларда ўзининг қимматли маслаҳатлари билан ўртоқлашиб боради.
«Ўзбекистон футбол ассоциациясида маслаҳатчи сифатида фаолият юритиш, умуман, ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшиш мен учун катта шараф. Ўз билим ва тажрибамни юртимиз футболи равнақи йўлида сарфлашга тайёрман. Умид қиламанки, ЎФА раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар тез орада ўз самарасини бериб, терма жамоаларимизни Олимпиада ва Жаҳон чемпионатларида кўриш насиб этади», — дейди Санъат Шарипов.
Шарипов 2003 йил Москвадаги Ломonosов номидаги Журналистика факультетини тамомлаган ҳамда 2016 йил Швейцариянинг Цюрих шаҳридаги Халқаро ҳуқуқ факультетининг Халқаро спорт йўналишида таълим олиб, уни муваффақиятли якунлаган. Шунингдек, 2016 йил Жанубий Африка республикаси футбол ассоциациясида футболни ривожлантириш бўлимида иш олиб борган.
Изоҳ (0)