Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Бувайда туман суди томонидан ўз фарзандининг ўлимига сабабчи бўлган аёлга жазо тайинланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Эрматов хабар бермоқда.
1981 йилда туғилган аёл биринчи оиласидан ажрашган, 2 нафар фарзанд кўрган. Аёл шаръий никоҳ асосида иккинчи марта турмуш қурганида эри бошқа фарзанд кўришни хоҳламаслигини айтган.
Шу сабабдан аёл ҳомиладор бўлиб қолганлигини билса-да, бу ҳақда ҳеч кимга айтмай юраверган. Қишлоқ оилавий поликлиникаси дояси ҳомиладорларга хос белгиларни мутахассис сифатида сезиб, кўча-кўйда бир неча марта ундан ҳол-аҳвол сўрайди. Аммо аёл ундан ҳақиқатни яширган.
2018 йил 1 февралда уйда бир ўзи қолган аёл ҳеч кимнинг ёрдамисиз ҳожатхонада ўғил фарзандни дунёга келтирган. Аёл уни парвариш қилмай, ўзининг кийими билан чақалоқнинг бутун танаси ва юз қисмини ўраб, ҳарорати совуқ бўлган хонага яшириб қўйиши натижасида чақалоқ вафот этган.
Аёл уйида жасадни 3 кун ҳеч кимга билдирмай сақлаб келган. 3 кундан сўнг поликлиника дояси воқеадан хабар топган ва аёл қўлга олинган.
Судда айбланувчининг турмуш ўртоғи, унинг ўгай ўғли, участка ҳамшираси ва бир қанча гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланган.
Судланувчи Жиноят Кодексининг 99-моддаси (онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдириши) бўйича айбдор деб топилди ва унга тегишли жазо тайинланди.
Изоҳ (0)