Божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишнинг амалдаги тартибларига кўра, жисмоний шахслар Ўзбекистонга алкоголь маҳсулотлари, жумладан, пивони 2 литргача божсиз олиб кириши мумкин. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аммо сўнгги вақтларда айрим фуқаролар томонидан ушбу меъёрларга риоя қилмаслик ҳолатлари учрамоқда.
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Келес» темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан «Олмаота—Нукус» йўналиши бўйича кириб келган поезд йўловчиларидан бирининг юклари божхона назоратидан ўтказилганида, юклар орасида божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган салкам 80 литр турли хил пиво ичимликлари борлигини аниқланди.
Шунингдек, мазкур пост ходимлари «Москва—Андижон» поезди йўловчиларининг юкларини божхона назоратидан ўтказиш вақтида йўловчилардан бирининг юклари орасига 48 дона салкам 40 литр ҳажмдаги «Нефть» ароқлари яширилганлигини фош қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур алкоголли ичимликларнинг умумий қиймати 16,8 миллион сўмни ташкил этар экан.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)